Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилган туннелни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу икки кўча шаҳардаги энг катта, серқатнов йўллардан ҳисобланади. Туннел қурилиши натижасида транспортлар ҳаракатига қулайлик ошиб, тирбандлик бартараф бўлди. Унинг узунлиги 120, кенглиги қарийб 27 метр.
Рудакий кўчасида автомобиль ва трамвай йўли, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилган. Ҳудуд ободонлаштирилган. Шу ерда Самарқандда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича келгуси режалар ҳақида маълумот берилган.
«Охирги йилларда Самарқанд ҳар томонлама ривожланяпти. Лекин ҳали одамларга қулайлик ва хавфсизлик жиҳатидан кўп иш қилиш керак. Бу ерда ҳам йил сайин машиналар кўпайяпти. Йўллар, светофорлар эса деярли ўша-ўша. Шунинг учун бу соҳага ихтисослашган илмий-амалий марказ ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Улар хориж тажрибасини ўрганиб, жорий этиши, қайси йўлни кенгайтириш, қаерга йўлак қуриш, қаерда светофорни олиб ташлаш бўйича таклиф ишлаб чиқиши керак», — деган президент.
Шавкат Мирзиёев мазкур туннел яқинида, Бўстонсарой кўчасида қурилган галерея услубидаги кўприкни ҳам кўздан кечирган. Шу пайтгача йўлнинг Сиёб канали устидан ўтган қисми анча паст бўлиб, ёғингарчилик пайтида транспорт ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдириб келган. Шу боис йўл 23 метргача кўтарилиб, эни 31 метргача кенгайтирилган. Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи тўсиқлар ўрнатилган. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилган.
Туннел тарихи
туннел қурилиши 2019 йил охирида бошланган. Ушбу қурилиш 2022 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин шаҳар кўчаларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилган.2021 йилнинг 31 декабрида Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасида барпо этилган туннелнинг очилиш маросими бўлиб ўтган эди.
Умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган ушбу туннел «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилган. Telegram’даги «Давлетовуз»нинг ёзишича, лойиҳанинг амалга оширилишига тендерсиз рухсат берилган.
Ҳукумат қарори билан лойиҳачи, пудратчи ташкилотларни тўғридан-тўғри энг яхши таклифлар асосида танловларсиз белгилаб олишга мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига, истисно тариқасида рухсат берилган. Шунингдек, қурилиш-монтаж, таъмирлаш, реконструкция ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан бир вақтда амалга оширилишига ҳам рухсат берилган.
2022 йилнинг 1 январида «Ўзбекистон24» томонидан намойиш этилган ушбу туннел очилиш маросими ҳақидаги видеолавҳада режа бўйича 3 йилда қурилиши лозим бўлган тунел 1,5 йил ичида, 1 йил ичида қурилиши лозим бўлган галерия типидаги йўл ўтказгич эса 6 ойда фойдаланишга топширилишига эришилгани таъкидланган.
Фойдаланишга топширилганлигига бир ҳафта бўлмаган ушбу туннелда 2022 йил 3 январдан 4 январга ўтар кечаси ёғган ёмғир натижасида сув сизиб чиқа бошлаганди.
Изоҳ (0)