Ўзбекистондаги ZTY Car Energy МЧЖ томонидан Хитойдан импорт қилинаётган электромобилларнинг энг арзон нархи 9 минг доллардан сотилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жамият раҳбари Шаҳбоз Худойбердиев Тошкент шаҳрида ўтказилган электромобилларни зарядлаш шохобчаси очилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Шаҳбоз Худойбердиевнинг айтишича, июнь ойида ZTY Car Energy’нинг илк электромобиллар автосалони ишга туширилади.
«Биз республикада биринчи бўлиб электромобиллар учун тўлиқ техник хизмат кўрсата оладиган автосалон очмоқдамиз. Бизда сотиладиган автомобиллар такси йўналишидан тортиб премиум классгача бўлган моделларни қамраб олади. Автомобилларнинг энг арзон нархи 9 минг доллардан бошланиб, талаб ва машина моделига қараб ўсиб боради. Дастлабки автосалон Тошкент шаҳрида очилади. Кейин барча вилоятларда шундай автосалонлар очишни режалаштирганмиз. Мижозлар бизнинг автосалондан электромобиль харид қилса, уларга техник хизмат кўрсатиш 1 йил давомида бепул амалга оширилади. Агар машина йўлда ёки кўчада бузилиб қолса, жойига бориб техник хизмат кўрсатилади. Шунингдек, биздан автомобиль сотиб олганлар зарядлаш станцияларимиздан 3 ой текинга фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.
Электромобилларнинг барча моделлари тўлиқ олиб келингандан сўнг, уларни сотиш жараёни бошланади. Мижозлар шартнома тузиб, 30 дақиқа ичида автомобилини олиб кетиши мумкин бўлади. Автомобилларимизни кредит ва лизинга ҳам сотиш йўлга қўйилади. Бугунги кунда автосалонни қуриш ишлари якунланмоқда. Лойиҳамиз доирасида электромобилга техник хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади ва тизим ҳафтада 7 кун, суткада 24 соат ишлайди», — деди корхона раҳбари.
Маълум қилинишича, ҳозирда ZTY Car Energy томонидан Ўзбекистон бўйлаб электромобилларни қувватлаш шохобчалари барпо этилмоқда.
«Биз электромобилларни қувватлаш шохобчамизни биринчисини ишга туширдик. У Тошкент шаҳрида жойлашган. Айни пайтда бундай шохобчаларни республика бўйлаб ишга тушириш ҳаракатидамиз. Режамизга кўра, бундай шохобчалар Ўзбекистон бўйлаб 250 та очилади. Қувватлаш ускуналари 60 киловатт бўлиб, 250-300 километр масофа босадиган машиналарни 30-40 дақиқада тўлиқ қувватлайди», — деди Шаҳбоз Худойбердиев.
Қайд этилишича, Хитойнинг ZTY Group электромобиллар ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш соҳасида илғор компаниялардан бири ҳисобланади. Компания ZTY Car Energy’га электромобиллар етказиб беради, техник хизмат кўрсатишда мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўмак беради.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилда электромобиллар импорти қарийб олти баробарга ошгани ва бундай турдаги автомобиллар учун алоҳида давлат рақами бериш бошлангани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электромобиллар автотранспорт йиғимидан озод этилган.
Изоҳ (0)