Бир қанча вақт муқаддам мамлакатда фаолият кўрсатувчи иссиқхона хўжаликлари раҳбарлари табиий газ тармоғининг узилиши билан боғлиқ муаммо туфайли Президент администрацияси биносига шикоят билан келишган ва шахсан давлат раҳбарининг аралашуви билан газ қайта улаб берилган эди. Шундан сўнг соҳадаги бошқа муаммолар ҳам кўзга ташланди ва ушбу масалаларнинг ечими ўлароқ «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 5—15 сентябрь кунлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик агентлиги, Бизнес-омбудсман ва бошқа идоралар иштирокида «штаб» ташкил қилиниб, 200 дан ортиқ иссиқхона эгаларининг таклифлари эшитилди.
Ошаётган нарх
Бугун Ўзбекистонда 3 142 та (6 322 гектар) иссиқхоналар мавжуд. Шундан 4 300 гектари (68 фоизи) ёки 1 622 таси сўнгги 5 йилда ташкил этилган. Иссиқхоналарнинг 51 фоизи (2 466 га) – табиий газ, 26 фоизи (1 353 га) – кўмир, 23 фоизи (1 326 га) – буғ ва муқобил манбалардан фойдаланмоқда.Экспортдаги чекловлар ва транспорт логистикасидаги узилишлар сабабли дунёда озиқ-овқат нархи 20 фоизга ўсган. Натижада аксарият иссиқхоналар бизнес-режасида 1 тонна маҳсулот таннархи ўртача 600 доллар деб ҳисоб-китоб қилинган бўлса, 2020 йилда таннарх 900 долларни ва 2021 йилда 1 200 долларни ташкил этган;
Маҳсулот таннархида 40 фоизни ташкил этадиган 1 000 м3 табиий газнинг нархи Ўзбекистонда 90 доллар (лимитдан ортиқча истеъмол учун 1,4 коэффициент қўлланилганда ўртача 110 доллар) бўлса, ушбу кўрсаткич Туркманистонда 6 доллар ҳамда Қозоғистонда 76 доллардан ошмайди.
Қарздорлик бўйича қўйилаётган «инкасса» тўлов топшириқномалари сабабли, зарар кўриб ишлаётган иссиқхоналар маҳсулот етиштириш ва сотишни нақд пулда амалга оширмоқда. Натижада нақд пулда ҚҚС билан харид қилинган уруғ, ўғит, кимёвий воситалар ва бошқалар маҳсулот таннархининг ошишига сабаб бўлмоқда.
Тўланмаётган қарздорлик
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 40 фоиз иссиқхона кредит, солиқ ва электр энергияси тўловлари бўйича қарздор. Олинган 8 трлн сўмлик кредитларнинг 554 млрд сўмининг муддати ўтган. Бундан ташқари, табиий газдан – 79 млрд сўм, солиқ тўловларидан – 32,7 млрд сўм, электр энергиясидан – 4,8 млрд сўм қарздорлик мавжуд.Қарорда нималар акс этган?
Янги қарор билан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги иссиқхоналарга уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беришга кўмаклашади, агроном бириктиради маҳсулотни харид қилади ҳамда экспорт қилади. Карантин ва ўсимликлар ҳимояси агентлиги билан биргаликда ўсимликлар ҳимоясини бўйича хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.Иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун халқаро молия институтлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилган кредитларнинг қайтариш муддатларини 7 йилдан 14 йилга ҳамда имтиёзли даврини 3 йилдан 5 йилга узайтириш белгиланмоқда.
Шунингдек, айланма маблағ учун тижорат банклари томонидан бир йилга (6 ойлик имтиёзли давр) кредитлар ажратилади. Бунда мазкур кредитлар Боғдорчилик агентлигига ажратилган бюджет ссудаси ҳисобидан йиллик 14 фоиз ставкада тақдим этилади.
Иссиқхона хўжаликларида экспортбоп маҳсулот етиштиришга Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳисобидан хорижий валютадаги банк кредитлари йиллик 4 фоиз (2 фоиз банк маржаси) ставкада ажратилади. Бунда, кредит таъминоти сифатида «Ўзбекинвест» суғурта компанияси суғурта полиси қабул қилинади ва суғурта мукофотининг 75 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари иссиқхоналарда ҳосил йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади ҳамда уларни қайтариш графиклари шу асосида тасдиқланади.
Иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси жорий йилнинг октябрь ойидан 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди (ҳозирда 27 млрд сўм пеня ҳисобланган).
Қарор билан саноат типидаги замонавий иссиқхона ва логистика марказларини ташкил этиш учун яхлит майдонлар ягона (ҳудудда) «лот» билан очиқ аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланмоқда (майдон ҳажмини ҳудуддан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлари белгилайди).
Молия, Энергетика, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, вилоятлар ҳокимликларига бир ой муддатда 2022—2023 йилларда иссиқхоналар учун сув ва ирригация тармоқларини тортиш ва электр линияларини қуриш дастурини тасдиқлаш топширилмоқда. Бунда 2022 йилда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланмоқда, 2023 йил учун рўйхатни Республика ишчи гуруҳи шакллантиради. Маблағлар кичик саноат зоналари учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида ажратилади.
Бундан ташқари, Инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари бир ой муддатда йирик экспорт бозорларида хусусий сектор иштирокида мева-сабзавотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш имкониятига эга бўлган савдо мажмуаларини ташкил этиш, 2022 йил якунига қадар Япония, Корея Республикаси, Европа мамлакатларида янги экспорт бозорларини очиш юзасидан таклиф киритиш юклатилмоқда.
Шунингдек, Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича Республика ишчи гуруҳининг таркиби тасдиқланмоқда.
Унга вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлардаги самарасиз иссиқхона хўжаликларини аниқлаб, мазкур иссиқхона хўжаликларини янги ташаббускорларга ўтказиш ҳамда иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар киритиб бориш юклатилмоқда.
Изоҳ (0)