Сурхондарё вилоятидаги “Узун” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан 24 январь куни айиқ боласи топиб олинганди. Ушбу жонивор 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди.
Маълум бўлишича, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан айиқ боласи ветеринария кўригидан ўтказиш ва вақтинча сақлаб туриш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи қошидаги реабилитация марказига топширилган.
“Кичкинтойнинг вазни жуда енгил. Айиқлар одатда қишки уйқуга кетишдан олдин совуқ ҳавода уларни ҳимоя қилиб, кўкламгача етиб олишга имкон берувчи қалин ёғ қатламини йиғиши лозим эканини инобатга олсак, айиқча омон қолмаслиги мумкин эди. Шунинг учун жониворни бизнинг реабилитация марказимизга ўтказиш лозим деб топилди. Айни чоғда у мутахассисларимиз назорати остида, улар айиқчага қулайлик яратиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда”, — дейилади ҳайвонот боғи ахборот хизмати хабарида.
Вазирлик ҳамда Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари баҳор фасли бошида ушбу айиқ боласини “Узун” давлат ўрмон хўжалигидаги табиат бағрига қўйиб юборишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (1)
Yoz kelsa uyiga qaytadimi yoki tutqunlikda qoladimi