Ўзбекистоннинг Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент органлари томонидан электр таъминоти корхоналари ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширувлар ўтказилган. Унда электр энергияси тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари фош этилган.
Хусусан, департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Унда “Т.-Б.”, “Т.А.” МЧЖ раҳбарлари ва “Ўртаовул” МФЙда яшовчи Й.Б.лар маиший хизмат кўрсатиш биноларини электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, жами 476,6 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “К.г.” МЧЖ раҳбари ва бошқалар корхонага қарашли иссиқхонани электр тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланган. Бу орқали 348,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Департаментнинг Нарпай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Н.б.” фермер хўжалиги раҳбари А.Т. ва бошқалар хўжалик трансформаторини ҳеч қандай ҳужжатсиз юқори кучланишли электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 212,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “З.Қ.” МЧЖ ва “Ж.Н.” хусусий корхонаси раҳбарлари ушланган. Улар умумий овқатланиш ҳамда қурилиш объектини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари ўзбошимчалик билан уланиб, 122,3 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Н.О.” оилавий корхонаси раҳбари корхона биносини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари ўзбошимчалик билан улаб, 120 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.
Ушбу қонун бузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жами 618 миллион сўм зарар етказилган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)