Анвар Орипов Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Анвар Орипов 1985 йил Термиз шаҳрида туғилган. 2007 йилда Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган, шунингдек, 2007–2010 йилларда Буюк Британиянинг Лондон шаҳри Пимлико академияси инглиз тили курслари тингловчиси бўлган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи.
У меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилояти ташқи-иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси етакчи мутахассиси ва бош мутахассис, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги бош мутахассиси, Сурхондарё вилояти Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи, “Ўзагроэкспорт” АЖда бошқарма бошлиғи, Вазирлар Маҳкамасида шўба етакчи мутахассиси лавозимларида меҳнат қилган.
2018 йилдан буён Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган эди.
Шунингдек, Фарҳод Исмоилов Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Фарҳод Исмоилов 1970 йил Фарғона вилояти Қува туманида туғилган. 1997 йилда Фарғона политехника институтини, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – муҳандис, ҳуқуқшунос.
Меҳнат фаолияти давомида Фарғона шаҳар суди суд ижрочиси ва прокуратура органларида турли лавозимларда фаолият юритган.
Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Изоҳ (0)