Бугун, 2 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи арафасида Берлин шаҳрида қўшма бизнес-форуми бошланди, деб хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Forumда икки мамлакатнинг 250 дан ортиқ йирик компаниялари, холдинг ва саноат корхоналари, банклари, вазирликлари, идора ва саноат бирлашмалари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ўз қутлов нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар фаол ривожланиб бораётганини, бунга икки давлат раҳбарларининг ишончи ва сиёсий иродаси туфайли эришилганини алоҳида таъкидлади.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши кузатилди, сўнгги 5 йил ичида бу кўрсаткич икки баравар ошди. 2022 йил якунига кўра икки томонлама савдо кўрсаткичлари яна 50 фоизга кўпайди ва биринчи марта 1 миллиард евродан ошди.
Сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясида ҳам изчил динамика кузатилмоқда. Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бир неча йил ичида қарийб 3 баробар кўпайиб, 200 тадан ошди. 2017 йилдан бери ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ўсди ва бугунги кунда 4 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда. Германиянинг MAN, CLAAS, Knauf, GP Papenburg, Viyessmann, Deutsche Kabel, LEMKEN каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда аллақачон фаол ва жуда муваффақиятли бизнес юритиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширмоқда.
Германия ишбилармон доираларининг эътибори мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай меҳнат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли томонларига қаратилди. Жумладан, кадрлар салоҳияти, мамлакатимизнинг стратегик географик жойлашуви, МДҲ давлатлари билан эркин савдо режимлари, GSP+ бенефициари мақоми, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш бўйича фаоллик билан олиб борилаётган ишлар, бой хом ашё ресурслари ҳамда мамлакатимиз Раҳбарияти ва ҳукуматининг қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишини бевосита қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.
Энергетика, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, металлургия, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, шунингдек, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳалари узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таклиф этилди.
Германия бизнеси вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасини, жумладан, хорижий инвесторлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилганини юқори баҳолади. Ҳамкорликни ошириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишда қатъий ниятлари борлиги билдирилди.
Изоҳ (0)