Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 7 ёшли болани қутқариб, ўзи қочишга улгурмаган аёлни поезд босиб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Унга кўра, воқеа 2 июнь куни 10:40 ларда содир бўлган. Бу вақтда “Ўзбекистон” локомотив депоси машинисти А.Шарипов бошқарувидаги электровоз Андижон—Хива йўналишидаги 125-сонли йўловчи поезди билан Охунбобоев—Марғилон темирйўл бекатлари оралиғи 261-км 7-пикетида ҳаракатланиб кетаётган бўлган.
Фарғона шаҳар, “Хўжамағиз” МФЙ, Т.Мамажонов кўчасида яшаган, оилали, 3 нафар фарзанди бор, Марғилон шаҳридаги 29-сонли умумтаълим мактабида фаррош бўлиб ишлаган, 1981 йилда туғилган М.Д. темирйўлда пиёдалар ўтиш йўлагидан ўзи билан бирга бир йўналишда кетаётган 7 ёшли болани қутқармоқчи бўлган. У йўловчи поезди яқинлашиб келаётганини кўриб, вояга етмаган болани елкасидан туртиб, четга чиқариб юборган ва ўзи поезддан қочишга улгурмагани натижасида воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан хозирда Фарғона транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)