Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича яна давлат субсидияларини бериш яна бошланди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали хабар берди.
Субсидия олишга 18 ёшга тўлган фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин. Субсидия даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга ижтимоий мезонлар асосида берилади.
Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарорига кўра:
- қишлоқларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 3 бараваридан (2 миллион 940 минг сўм) 6,9 бараваригача (6 миллион 762 минг сўмгача);
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида белгиланган МҲТЕКМнинг 3 бараваридан (2 миллион 940 минг сўм) 8 бараваригача (7 миллион 840 минг сўмгача);
- Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЕКМнинг 3 бараваридан (2 миллион 940 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 миллион 16 минг сўмгача) бўлган оилалар юқори даромадга эга эмас, дея эътироф этилади.
Субсидия учун ариза юбориш тартиби
Фуқароларимиз ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун my.gov.uz портали орқали электрон тарзда ариза юборишлари мумкин.
Мурожаатчи my.gov.uz порталининг “Менинг аризаларим” бўлимига келиб тушган ижобий хабарномадан сўнг жавобда кўрсатилган уй-жойнинг юқори қийматидан ошмаган қийматдаги уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш юзасидан қурилиш (пудрат)ташкилоти билан шартнома тузади. Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақат 1 марта берилади.
Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилиши ҳақида хабар берилган эди. Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни бу борада тегишли фармонни имзолаган. Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Изоҳ (0)