Ижтимоий тармоқда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 19-мактаб ўқувчилари мактаб директори томонидан шоли даласида ишлашга мажбурлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича юқоридаги мактаб директори, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи, бўлими психологи ва ўқувчиларнинг синф раҳбаридан тушунтириш хатлари олиниб, вояга етмаган ўқувчилар билан тегишли мутахассислар иштирокида суҳбатлашилди.
Аниқланишича, мазкур мактабнинг 9-“а” синф ўқувчилари А.Қ., Б.Ш., А.О. ва Б.О. тумандаги “Дурдона” маҳалласида жойлашган “Иброҳим балиқчи” фермер хўжалигига тегишли бўлган шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг фермер хўжалик раҳбари К.Х.нинг таклифига асосан маълум бир ҳақ эвазига далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажарган.
“Ўрганишда, мактаб директори томонидан вояга етмаган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмади. Шунингдек, уларни ёшини инобатга олмасдан фермер хўжалигида меҳнат қилишга йўл қўйиб берган хўжалик раҳбарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда”, — дейилади хабарда.
Расмий муносабатда тўрт нафар бола далага чиққани келтирилган. Аммо видеода улар сони кўпроқ бўлганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, видеода видеода акс этган ўқувчилар далага мактаб директори томонидан юборилганини айтган.
Ҳолат Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан назоратга олинди. Масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-1-моддасига кўра, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш — БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (6,6 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Изоҳ (0)