Ўзбекистон Экологик партияси Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасига муносабат билдирди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори жойлаштирилган бўлиб, ҳужжат билан Тошкент шаҳридаги Ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш белгиланган.
Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги мазкур Ботаника боғи унинг низомига кўра, илмий муассаса бўлиб, бугунги кунда боғдаги ўсимликларнинг турлари генофонди, сонининг хилма-хиллиги, коллексион турлар генофонди бўйича Марказий Осиёдаги ягона бўлган йирик ноёб илмий-уникал объект ҳисобланади.
Ботаника боғи 2-3 йилда яна 200 дан ортиқ янги манзарали турлар билан бойитилган. Айни пайтда мазкур боғда 2450 дан ортиқ гулли-манзарали дарахт ва буталар ҳамда доривор ўсимлик турлари мавжуд.
“Юқоридаги қарор лойиҳасида истироҳат боғлари ҳудудларини савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш, аттракционлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Ушбу фаолият эса илмий муассаса сифатида ташкил этилган Тошкент Ботаника боғида сақланаётган, дунёнинг 5 қитъасидан келтирилган, ноёб бўлган флора объектларига жиддий салбий таъсир кўрсатади”, — дейилади Экопартия муносабатида.
Таъкидланишича, шу сабабли Ботаника боғини Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш” тўғрисидаги қарори лойиҳасидан чиқариш ҳамда Ботаника боғига Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш керак.
Мазкур масала бўйича партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси номидан ҳукуматга депутатлик сўрови юборилган.
Изоҳ (1)
хокимият йулига гов буманглар,Энди ботаника богиниям сотайлик!!