Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 5-бизнес форуми бўлиб ўтди. Тадбирда 8 тда давлатдан тадбиркорлар қатнашди. Навоийлик экспортёр Сардор Ғаффоров “Дарё” мухбири билан суҳбатда форумда бир неча чет эллик тадбиркорлар билан ҳамкорлик шартномалари имзолаганини айтди.
Сардор Ғаффоров 10 йилдан бери экспорт-импорт фаолияти билан шуғулланишини айтиб, нега ИҲТ форумида қатнашганини тушунтирди.
“Бизнес-форумнинг ўз юртимизда ўтказилиши биз тадбиркорлар учун жуда катта имкониятлар берди. Бошқа давлатларга бориб, маҳсулотларни намойиш қилиш мураккаб ва қиммат жараён. Бу ерда эса Ўзбекистонга келган тадбиркорлар билан мулоқот қилиш осон бўлди ва уларга маҳсулотларимизни кўрсатишга ҳам улгурдик. Форумда бир миллион долларга яқин шартнома тузишга эришдик. Бу шартномалардан Афғонистон, Туркия ва Эрон давлатлари ўрин олган. Бизнес-форум бизга озарбайжонлик ва туркманистонлик тадбиркорлар билан ҳам ҳамкорлик қилиш учун имконият эшигини очди. Улар миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирди. Бўлажак ҳамкорларимизга маҳсулотларимизнинг расмлари, намуна ва нархларини бердик. Ҳозир савдони амалга ошириш учун музокаралар бошланган”, — деди Сардор Ғаффоров.
Аввалроқ тадбиркор Анвар Абдуқаюм форумда Покистон ва Туркиядан ўзига ҳамкорлар топганини айтганди.
“Ҳамма гап фақатгина ҳамкор эмас, балки таниш-билиш ва дўст топишда. Улар эртага ҳамкорларни бошлаб келишади. Айнан шундай форумлар дунёга чиқиш учун жуда муҳим”, — деган тадбиркор.
Маълумот учун, 2023 йилнинг январь—сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлатлари билан товар айланмаси ҳажми 9,2 миллиард долларни ташкил этди. Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 20,5 фоиз бўлди. Бунда экспорт миқдори 4,2 миллиард доллар, импорт эса 5 миллиард (+3,3 фоиз) долларга тенг.
Изоҳ (0)