Uysmedia нашрининг бош муҳаррири Самал Ибраева юрист-социолог, халқаро эксперт Халида Ажигулова билан гендер масалалари, нима учун Қозоғистон зўравонлар ва қотиллар учун “жаннат” экани ҳақида суҳбатлашди.
Мазкур интервьюда бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири — аёлларга нисбатан зўравонлик мавзуси кўтарилгани билан аҳамиятли. Статистикага кўра, Қозоғистонда ҳар йили оилавий зўравонликлар оқибатида 400 киши вафот этади. Аммо бундай жиноятларни камайтириш имкониятига эга давлат томонидан ҳеч қандай чора-тадбирлар кўрилмаяпти.
Ушбу мавзу Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев рафиқасини ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинганидан сўнг кўтарилмоқда. Суҳатда Халида бундай жиноятлар сиёсий тагмаънога эга экани, бундай воқеалар доимий содир бўлиши ва айрим жойларда эмас, бутун Қозоғистонда кузатилишини айтди.
Ўз навбатида эксперт Ўзбекистонда оилавий зўравонликка қарши курашиш ҳукумат даражасида олиб борилаётгани, бу борада ҳатто қонун қабул қилинганини эътироф этди.
“Қозоғистондан кўра демократия камроқ ҳисобланган Ўзбекистонда эса оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Шундай экан Ўзбекистон Қозоғистондан ўзиб кетди, чунки мамлакатда оилавий зўравонлик, болаларга нисбатан зўравонликка жиноий жавобгарлик белгиланди, кўпхотинлик, ҳатто уни тарғиб қилиш тақиқланди.
Биласизми нима, уларни президентнинг қизи борасида омади келди. Давлат раҳбарининг қизини ўзи ҳиссиётга бой инсон, бу муаммолар уни ташвишга солади. Шу сабабдан у бу мавзуни кўтарди ва ҳеч ким Ўзбекистон президентига бирор эътироз билдира олмади. Бизнинг президентимизнинг ҳам учта қизи бор эди. Аммо улардан ҳеч бири оилавий зўравонликка оид муаммоларни кўтармаган. Бири доим қўшиқ куйлади, бошқаси мунтазам бриллиантларни реклама қилди, оддий халқ қандай яшаётгани эса уларни ҳеч қачон ташвишлантирмади”, — дейди Ажигулова.
Апрель ойида Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолаганди. Ҳужжат асосида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Президент ёрдамчиси (у вақтда Президент администрацияси шўба мудири) Саида Мирзиёева ушбу қонун билан аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш таъминланишига ишонч билдирган эди.
“Биз ниҳоят тажовузкорларни жавобгарликка тортиш орқали аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қила оламиз. Эндиликда вояга етмаган шахс билан алоқа жамоат хавфи бўлмаган жиноятлар тоифасидан оғир жиноят қаторига ўтди. Биз вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилган ва қамоқдан қутулиб қолмоқчи бўлганлар учун бўшлиқларни ёпамиз. Энди бу қилмиш узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. Бу эса давлат ҳар қандай зўравонликка қарши қатъий курашаётгани ҳақида жиноятчиларга яққол ишора. Зўравонлик — жиноят. Зўравонлик — бизнинг маданиятимиз эмас”, – деб ёзган у.
Қонун билан Жиноят кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан етказилган жароҳат оғирлаштирувчи ҳолатларни келтириб чиқарса, хусусан, соғлиқнинг узоқ вақт (камида 21 кун, аммо 4 ойдан кўп бўлмаган даврда) ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг 10 фоизидан 33 фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш содир этилса, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ (0)