Навоий вилоятида икки қизни Дубай шаҳрига сотиб юбормоқчи бўлган аёл қўлга тушди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Айтилишича, К. исмли аёл икки қиз билан танишиб, БААнинг Дубай шаҳрига олиб кетишни таклиф қилган. Улар телефон рақамларини алмашишгандан сўнг, аёл қизларнинг бирига қўнғироқ қилиб тинимсиз равишда Дубай шаҳрига боришга ундаб келган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида аёл ўзининг бошқа таниши орқали ушбу қизларни моддий манфаат эвазига Дубайга сотиб юбормоқчи бўлгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Ж. исмли фуқаро бир нафар қизни Тошкент халқаро аэропорти орқали Дубайга жўнатмоқчи бўлган вақтда қўлга олинган. Ҳозирда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида ушбу жиноятга дахлдор бўлган 1996 йилда Навоийда туғилган ва бугунга қадар Дубайга бир неча маротаба узоқ муддатга бориб келган Ж.Б.га нисбатан қидирув эълон қилинди.
Изоҳ (0)