Шавкат Мирзиёев мамлакатда кузатилган электр энергияси билан боғлиқ ҳолатда нимадан кўп қўрққанини маълум қилди. Бу ҳақда «Менимча» кўрсатувида намойиш қилинди.
«Мен ўша куни биринчи бўлиб оммавий ахборот воситаларига чиқинглар, гапиринглар, айтинглар дедим. Бу вазиятда ҳеч нарсани яширмаслик керак. Ҳақиқий офат келди. Ким кутганди бундай бўлишини? Одамлар саросимага тушиб қоларди. Биз жуда катта информацион хуруж қилдик. Ҳар бир дақиқада метродан қанча инсонни олиб чиққанимизни, тоғдан қанча инсонни қутқарганимизни, нечта светофор ўчганини, ЙПХ ходими қаерда тургани ҳақида маълумот бердик. Бақирдик, мен бақиринглар, дедим», — дейди президент.
Шавкат Мирзиёев 26 январь куни бош прокурор, ички ишлар вазири, Миллий гвардия қўмондонига инсонлар орасида юриши ҳақида топшириқ берганини айтиб ўтди.
«Ҳеч ким кечаси билан ухлагани йўқ. Нимага ухламадик? Бирорта одамни йўқотмайлик, деб ҳаракат қилдик. Бундан ташқари агар салгина ножўя ҳаракат қилганимизда… Жуда катта хатар келди. Бир кунда ҳамма нарса ўчиб қолди. Агар газни секин бермаганимизда суви чиқиб кетди, буғи йўқ эди у ерда. Буғни пайдо қилиш учун газни салгина кўпайтирганимизда ёниб кетарди. Менинг энг катта қўрққаним – станция ёниб кетмасин, дедим. 1982- ёки 1983 йилда Сирдарёда олтита станция ёниб кетган эди. Агар ҳозир ҳам шунақа бўлганда нима қилардик? Бир киши ҳам ўлмасин, дедим. Ҳар дақиқада бош вазирга «одамларга боринг, гаплашинг», дедим. Бир кунда сочимиз неча фоизга оқарди? Кечаси билан неча марта гаплашдик?», — деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари 26 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам мамлакатда содир бўлган электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат билдирган эди.
Ўзбекистонда кузатилган электр энергиясининг йирик носозлиги хронологияси
25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Тошкент метрополитени фаолияти ҳам тўхтаган, Республикадаги барча поездлар ўз манзилларига кечикиб етиб бориши айтилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ эса тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида кўчага зарурат бўлмаса, шахсий машинада чиқмасликни тавсия қилмоқда.Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ҳожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Мавзуга доир: «Тошкентда свет ўчганига ҳайрон қолдим». Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари электр энергиясидаги узилишлар ҳақида (видео)
Энергия танқислиги ортидан Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди. Газли, Шўртан ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон фаолиятини вақтинча тўхтатди.
ССВ Зангиота ковид-марказларидаги электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.
26 январь соат 02:30 га бориб Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида электр таъминоти тўлиқ тиклангани хабар қилинди.
Изоҳ (0)