Ўзбекистон мактабларида 2022/2023 йилги ўқув йилидан бошлаб чораклик ва йиллик баҳолашнинг янгича тизими жорий этилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.
Қайд этилишича, кейинги ўқув йилидан бошлаб кундалик йиғилган баҳолар чораклик баҳога таъсир қилмайди. Чунки кундалик баҳо ривожлантирувчи аҳамиятга эга, чораклик баҳо эса эришилган маррани текшириш учун хизмат қилади. Бу икки баҳолашни ўзаро қориштириш сифатга таъсир қилади.
Шунингдек, йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти бекор қилинади. Йил охирида ўқитувчи ўқувчилар учун қўйилган минимал талабга жавоб бера олишини текшириш учун имтиҳон ўтказиши лозим. Чунки ҳар чоракдаги баҳо бу минимал талабни бажара олиши ёки олмаслигини яққол кўрсатиб бера олмайди.
Баҳога жазо ёки рағбат қуроли эмас, ривожлантириш воситаси сифатида қараш кераклиги тавсия этилмоқда. Болаларни баҳо билан қўрқитишни бас қилиш, уларга имкон қадар паст баҳо қўймаслик, токи топшириқни яхши баҳога бажариб келмагунча баҳоламай туриш тавсия этилади.
Бундан ташқари, ўқувчига қўйилган ҳар бир баҳога изоҳ-мулоҳаза бериш талаб этилади.
«Ўқувчи олган баҳосининг адолатли эканига ишонч ҳосил қилмас экан, таълимга нисбатан мотивацияси сўниб бораверади. Буни исботлашининг энг яхши усули самарали етказилган изоҳ-мулоҳазадир. Ўқувчи изоҳ-мулоҳаза орқали камчилик ва ютуқларини яққол кўра олади. Кейинчалик қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида хулосалар чиқариб олади», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари камида битта миллий чолғу асбобини чалишни билиши шартлиги белгиланди
- Ўзбекистонда ўқувчилар уйга вазифаларни мессенжерлар орқали юборишига рухсат берилди
- «Ўқувчиларга фақат ўзи чала билган нарсаларни ўргата олади». Президент дарс ўтиш маҳорати паст бўлган педагогларни танқид қилди
Изоҳ (0)