1 июль куни соат тахминан 15:00 лардан бошлаб Нукусда айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилди. Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирилди. Жамоат тартибининг бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.
Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини айтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгариб, такомилига етказилишини таъкидлади.
Давлат раҳбари ҳозирги вазиятда барча фуқароларни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.
Шундан сўнг президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилиб, бир қатор чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилиши белгиланди.
3 июль куни Шавкат Мирзиёев яна Нукусга бориб, видеоселектор ўтказди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берган. Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётгани маълум қилинди.
Ижтимоий тармоқ фаоллари Қорақалпоғистондаги ҳолатга қандай муносабат билдирди? «Дарё» жамоатчилик томонидан айтилган фикрларни бир жойга тўплади.
«Илтимос, бунақа провокацияларга учманглар»
Ҳақиқат ўрнидан қўзғалгунча, ёлғон бутун дунёни айланиб чиқади.Кеча интернетда Нукус кўчалари қонга тўлди деб видео тарқалганди. Шу видеони фактчек қилишибди. Кўчадаги қон эмас, балки оломонни тарқатиш учун сепилган қизил рангли махсус сув экан.
Аммо афсуски ушбу видеони жуда кўпчилик, айниқса хориждагилар «кўча қонга тўлди» деб тарқатишди.
Илтимос, бунақа провокацияларга учманглар. Ҳозир тарқатилаётган видеоларнинг аксарияти ёки ёлғон, ёки рост бўлса ҳам, умуман бошқа вақтда ва бошқа давлатда содир бўлган воқеалардир.
Қаердадир бирор можаро бўлса, у ҳақида минглаб фейк-ёлғон хабарлар тарқалади. Қайси давлатда ва қайси вақтда бўлишидан қатъи назар доим шунақа бўлган. Шу сабабли ҳозир ҳам ахборот уруши бошланиб кетди.
Биз ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилишга қудратига эгамиз, четдан келаётган провокациялардан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Нега қизил сув сепишади?
Кўпчиликни шу савол ўйлантираётган бўлиши мумкин.
Оммавий тартибсизликлар вақтида намойишчиларни тарқатиш учун қизил рангли махсус суюқлик сепилиши бошқа давлатларда ҳам учраб туради.
Бундан асосий мақсад қизил ранг теккан тартиббузарларни тезда аниқлаш ва уларни қўлга олиш, агар қуролли намойиш бўлса, уларни қуролсизлантириш учун қилинади. Қизил ранг тезда кўзга ташланади ва аниқлаш осон бўлади.
Бундан ташқари қизил ғайритабиий ранг, оддий сув сепилганда намойишчилар тарқалмаслиги, худди ёмғир ёққанда ҳўл бўлгандай оддий қабул қилиши мумкин. Аммо рангли сув оммавий тартибсизлик иштирокчиларини тезроқ тарқатиб юборади, камида юз-қўлидаги рангни тозалаш учун ҳам тарқалишади.
Хушнудбек Худойбердиев, блогер
«Эт ва тирноққа айланиб кетган икки халқ ўртасига нифоқ уруғини сочманг»
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қорақалпоқларни ҳақорат қилаётганлар кўпаяётган экан. Фикр етакчилари буни ташвиш билан ёзишмоқда.Аввало, шахсан мен учун қорақалалпоқлар қачон, нима туфайли қаерга келиб қолгани мутлақо аҳамиятсиз. Кейинги асрлардан шу бугунгача, ҳозир шу ерда яшаб келмоқда. Шуниси факт ва шуниси муҳим.
Иккинчидан, ҳар қандай халқнинг ичида яхши-ёмонлари бўлади ва яхшилари кўпроқ. Акс ҳолда аллақачон қиёмат қойим бўларди. Биз яхшисига қараб хулоса қилайлик.
Учинчидан, ҳозир «Интернет даҳанакаи жанглари»да ким нима ёзаётганини аниқлаб бўлмайди. Балким ўзини қорақалпоқ деб атаб бирорта провокатор ўзбекларни ҳақорат қилгандир? Қорақалпоқ эмасдир у? Қаердан билиб ўтирибсиз?!
Вазиятни янада алангалатманг! Оғирроқ, мулоҳазакор ва босиқ бўлинг. Эт ва тирноққа айланиб кетган икки халқ ўртасига нифоқ уруғини сочманг. Сиз қайси бир фитначини кўриб бутун халқ ҳақида хулоса қилганингиздек, улар ҳам сизни кўриб ўзбеклар ҳақида хулоса қилишмасин.
Унутманг: шуниси аҳамиятлики, улар бизнинг қардошларимиз. Оиламизнинг аъзоси! Қардошлармизга нисбатан бунақа йўл тутмаслик керак, уларни ҳар балода айбламаслик керак. Орол бўйида, мураккаб минтақада туғилгани уларнинг айби эмас.
Улар билан иноқ бўлайлик. Уларга ёрдам берайлик. Ҳеч қурса маънан ва руҳан!
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
«Тинчлик яна Нукусга қайтмоқда»
Бугун турли журналистларимиз Нукусга бориб фоторепортажлар қилишди. Ҳаммаси яхши. Тинчлик яна Нукусга қайтмоқда. Турли «гнида» каналларда тарқаётган видеоларни бари шу бугунгача бўлган ҳодисаларни видеолари, улар битта-битта бериб ҳозир у ерда ҳолат шундай деган қарашни сингдиришмоқчи.Турли хил гуруҳларда «Алға қарақалпақлар, Қазақлар сиз билен» деб ёзилган гапларни просто очкили оддий школотрон ота-онасининг назоратидан четда ёзган бўлиши ҳам мумкин. Так что провокацияларга учмаймиз, каллани «вкл» қиламиз.
Капкатта одамларни турли троллар манипуляция қилаверсаям бўмайди, икки қардош халқ ўртасига нифоқ солмоқчи бўлганлар мақсадига ета олмади.
Мен анча хотиржамман, ватан сарҳадлари ишончли қўлларда, ҳаёт эса давом этади.
Нурбек Алимов, блогер
«Қорақалпоқ бешбармоғини севиб еганман»
Мен Қорақалпоқ дўстларимни ҳурмат қиламан. Бундан кейин ҳам ҳурмат қилавераман. Сўнгги икки йилда бир неча маротаба бордим. Таассуротларим олам қадар. Самимий, ичидагини очиқчасига айтадиган эл.Биз аслида икки миллат эмасмиз. Асрлар давомида бир жойда яшаб бир-бирига қоришиб кетган ватандошлармиз. Мен доим Андижонда ёки Тошкентда қандай эркин юрган бўлсам Нукус, Бўзатовда ҳам шундай эркин юрганман. Кечалари сайр қилганман. Савискийни юракдан айланганман. Қорақалпоқ бешбармоғини севиб еганман.
Баҳодир Аҳмедов, блогер
«Бундай баҳснинг охири йўқ, оқибати яхши эмас»
Ҳозир ижтимоий тармоқларни кузатиб, «фалонча халқ 200 йил олдин бу ҳудудга кўчиб келган», «бу ҳудуд минг йилдан буён бизники» каби аргументлар кўп тилга олинаётганини кўряпман.Тарих ҳақида энг кўп ёзадиган, шу мавзуни анча чуқур биладиган блогерлардан бири бўлсам керак. Лекин шунга қарамай, сиёсий баҳслар, этник низолар ҳақида гапирганда ҳеч қачон тарихдан аргумент келтирмайман. Бундай баҳснинг охири йўқ, оқибати яхши эмас.
Биринчидан, тарихдан ҳамма нарсага оқлов топса бўлади. Ўтмишда ҳамма жабр кўрган ва бошқаларга жабр қилган; қолаверса, ҳамма қачондир қаердандир кўчиб келган, ҳеч ким ўз минтақасида Коинотнинг бошланиши билан пайдо бўлиб қолмаган. Инсоният тарихи миграциялар тарихидир.
Иккинчидан, ўтмишдаги ҳеч қандай воқелик асосида бугунги ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида хулоса қилмаслик керак. 50, 100, 1000 йил олдин фалонча ерда ким яшагани, ким қачон кўчиб келгани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ватан шу ерда туғилган ёки туғилмай туриб шу ерни ватан деб танлаган ҳар қандай одамга тегишлидир. Унинг бобоси қачон қаердан кўчиб келгани, ким бўлгани, қайси тилда гапиргани муҳим эмас. Ҳар бир авлод тарих чархпалагини қайтадан бошлайди ва тўкис ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлади. Янги авлод ўтмиш авлодларнинг хатоларига жавоб бериши ёки уларнинг ютуқларини ўз ютуғидай кўрсатиши нотўғридир.
Айнан мана шунақа ёндашувни конструктив деб ҳисоблайман.
Элдар Асанов, блогер
«Провокаторлар ютқазади»
Давлат ва миллат кучли бўлиши керак. Ўзбекистон – постсовет ҳудудидаги энг зич яшаётган, аҳоли сонига нисбатан жуда тор давлат. Минтақада Чор Россияси ва советлар Россиясига энг кўп қаршилик қилган, ўз истиқлоли учун энг кўп курашган миллат – ўзбеклар. Шунинг учун ҳам ўзбеклар ва Ўзбекистонни имкон қадар босим остида ушлаб туриш, бу миллат ва халққа рўшнолик бермаслик – чуқур ўйланган сиёсий онг ва лойиҳанинг маҳсули эди.Мулойимлик билан, идеализм билан ҳамманинг розилигига эришиш мумкин деб ўйлайдиган ватандошларимиз кўп. Содда миллатмиз. Соддалигимиз учун ҳам, кейинги асрда хаётий макони ва имкониятлари энг кўп қисқарган миллат бўлдик. Ўзбекистон ўзи шундоқ ҳам тор ҳудудда тиқилинч яшаяпти.
Агар минтақада ҳудудий-ҳуқуқий муносабатлар қайта кўриб чиқиладиган бўлса, минтақадаги энг катта миллат, энг қудратли ҳарбий салоҳият, тарихий давлатчилик, иймон ва ислом байроқдори бўлмиш халқ, шижоат билан ўз манфаатлари учун ҳаракат қилишга тайёр туриши керак. Заиф ва содда миллат бўлишни тўхтатиш керак. Агар ҳудудий-ҳуқуқий муносабатлар қайта кўриб чиқиш бошланса, биз ютқазмаймиз. Провокаторлар ютқазади.
Камолиддин Раббимов, блогер
Мавзуга доир:
- «Тўпаланг, ахир бу Сангинов! Ишончдан чиқиш ёмон нарса-да». Ўзбекистонликлар Тўпаланг сув омборида содир бўлган ҳолатга қандай муносабат билдирди?
- «Жаноб Қодиров лўли миллати вакилларидан оммавий узр сўрашлари керак». Ўзбекистонликлар депутат Алишер Қодировнинг Расул Кушербаевга айтган гапига қандай муносабат билдирди?
- «Яқин 10-15 кун тонировка қиладиганларнинг ошиғи олчи бўлади». Ўзбекистонликлар тонировканинг арзонлашиши ва текин бўлишига қандай муносабат билдирди?
Изоҳ (0)