«Дарё» нашри 2 ноябрда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.
Британияда «Вагнер» гуруҳи Украинадаги хатти-ҳаракатлари туфайли судга берилди.
Британиянинг McCue Jury & Partners юридик фирмаси украиналиклар номидан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва унинг асосчиси Евгений Пригожинга қарши Лондон олий судига даъво киритаётганини маълум қилди.Бу гуруҳнинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ. Фирма сайтида айтилишича, у Украинадаги низо билан боғлиқ бир нечта ишларда қатнашмоқда.
Inews нашрининг ёзишича, жараённи украиналик мансабдорлар ва Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон қўллаб-қувватлаяпти. Шунингдек, фирма худди шундай суд ишини АҚШда ҳам бошлашни режалаштирмоқда.
Konkord компанияси эгаси бўлган Пригожин 2016 йилдан буён АҚШ, 2020 йилдан буён эса Евроиттифоқ санкциялари остидадир. Вашингтонда у Интернет тадқиқотлари агентлиги (троллар фабрикаси) ва «Вагнер»ни назорат қилишда айбланган.
У «Вагнер»га алоқадорлигини кўп марта рад этган ва бундай айбловлар сабабли судлашган. Аммо 2022 йил сентябрида у «Вагнер» асосчиси эканини маълум қилди. Ташкилотни 2014 йилда, унинг сўзларига кўра, «Донбассда рус халқига нисбатан геноцид» бошланган вақтда тузган.
Оқ уй: АҚШ Россия билан зиддиятга боришни хоҳламайди.
АҚШ Украинадаги низо музокаралар йўли билан ҳал қилинишига эришмоқчи, дея маълум қилди мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби.
Президент (Жо Байден)нинг мақсадлари бошиданоқ яққол эди… Биз Россия билан зиддиятга боришни хоҳламаймиз. Бу биринчи ўринда, — деди у.Шунингдек, Кирби АҚШ Россияда ҳокимиятни алмаштиришга интилмаётганини яна бир марта маълум қилди.
Вашингтон бу ҳақда аввал ҳам гапирган, унинг сиёсати Россияга, «шафқатсиз санкциялар ёрдамида» ўз ҳарбий операция ҳақидаги қарори оқибатларини ҳис қилдиришга ҳамда Украинага гуманитар ёрдам беришга қаратилганини таъкидлаган эди.
Бошқа вазифалар қаторида Кирби НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш ва Украинага ёрдам кўрсатиб, президент Владимир Зеленский Россия билан «музокаралар столида муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган барча кўмак ва воситалар»га эга бўлишини таъминлашни айтиб ўтди.
АҚШ Украина жанг майдонида муваффақият қозониши учун унинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини қўллаб-қувватлашда давом этади, деб ваъда берди Оқ уй вакили.
Эрон Саудия Арабистонига қарши ҳарбий операция бошлаши мумкин — WSJ.
Эрон яқин соатларда Саудия Арабистонига қарши ҳарбий операция бошлаши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Саудия Арабистони АҚШ билан разведка маълумотларини ўртоқлашган. Унда Эроннинг қиролликдаги нишонларга яқинда ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирилган. Бу АҚШ ва бошқа ҳарбий кучларнинг Яқин Шарқдаги жанговар тайёргарлигини оширишига олиб келади.
Ўз навбатида, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши Саудия Арабистонининг огоҳлантиришларидан хавотирда эканини ва керак бўлса Эронга жавоб беришга тайёрлигини билдирган.
Газетанинг ёзишича, Саудия Арабистони расмийлари Эрон гўёки қиролликнинг ўзига ҳам, Эрбилга ҳам ҳужумлар уюштирмоқчи эканини айтган.
Мақолада айтилишича, Теҳрон буни «эътиборни ички норозиликлардан чалғитиш учун» қилмоқда. Ушбу хабардан бироз вақт ўтиб Эроннинг Қум шаҳридаги «Жамкарон» масжиди гумбази устида қизил қасос байроғи кўтарилди.
Айни пайтда байроқнинг кўтарилиши сабаблари маълум қилинмаяпти.
КХДР 10 та баллистик ракета учирди, улардан бири Жанубий Корея чегарасини кесиб ўтди.
Шимолий Корея Япон денгизига қарата камида 10 та ҳар хил турдаги ракеталарни учирди. Бу ҳақда жанубий кореялик ҳарбийларга таяниб, Yonhap хабар берди.
Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотларига кўра, парвозлар Шимолий Кореянинг Вонсан шаҳридан амалга оширилган.
Ракеталардан бири Жанубий Корея билан денгиз чегарасини кесиб ўтган, бундай ҳолат 1950—53 йиллардаги Корея урушидан буён биринчи марта кузатилди, дея қайд этди Жанубий Корея ҳарбийлари.
Снаряд очиқ денгизга, Шимолий чегара чизиғидан 26 км жанубга келиб тушган ва ушбу оролда ҳаво тревогаси эълон қилинган. Снаряд Тошкент вақти билан 04:51 да аниқланган.
Пхеньян, шунингдек, ҳар хил турдаги яна бир нечта ракеталарни ғарб ва шарққа учирган.Япония Мудофаа вазирлиги ракеталар туфайли КХДРга норозилик билдирди. Идора раҳбари Ясукадзу Хамада камида иккита ракета учирилгани ҳақида айтган.
КХДР баллистик ракеталарига жавобан, Жанубий Корея қирувчилари Шимолий чегара чизиғидан шимолда, очиқ денгизга қарата учта «ҳаво-ер» синфидаги ракеталарни учирди.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл КХДР ракета парвозларини қоралаб, давлат чегараси бузилганини қайд этди ва «Шимолни провокация бадалини тўлашга мажбурлаш учун шошилинч чоралар кўришни буюрди. Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик кенгаши фавқулодда мажлисида у ҳарбийларни Шимолий Корея томонидан юқори даражали қўшимча провокацияларга тайёр туришга чақирган.
Қирғизистонда Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш бўйича қўмита Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.
Қирғизистонда Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш бўйича қўмита Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат билан мурожаат қилди. У мамлакатлар ўртасидаги битимга алоқадор, деб хабар бермоқда «Kaktus.media».
Мурожаатчилар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровни Кампиробод/Андижон сув омборини биргаликда бошқариш масаласи ва унинг оқибатларини ҳал қилишга диққатлироқ ёндашишга чақирди, токи у ўзаро яқин икки халқ ўртасидаги баҳслар эмас, балки роҳат-фароғат манбайига айлансин, дейилади мурожаатда.
Уларнинг эслатишича, Кампиробод/Андижон сув омбори бўйича муҳокама ўтказиш ва қарор қабул қилиш учун бор-йўғи иккита мажлис ташкил қилинган. Муҳокама эса жамоатчилик учун ёпиқ режимда ўтказилган, депутатларга ҳужжатлар ва маълумотлар тўлиқ берилмаган.
«Фуқаролар, ўз ерининг эгалари сифатида, икки президент томонидан имзоланаётган ҳужжатлар эълон қилинишини талаб қилишга тўла ҳақли, чунки гап икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатлари ҳақида бормоқда», — дейилади мурожаатда.
Изоҳ (0)