Самарқандда бўлиб ўтаётган иқтисодий форум доирасида хорижлик журналист, Bloomberg ТВ мухбири Райан Чилкот Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлаётганларга қандай кафолатлар борлиги, нимаси билан мамлакат хорижлик инвесторларни ўзига жалб қилиши мумкинлиги ҳақида савол берган.
«Масалан, мен потенциал инвесторман. Ўзбекистондаги иқтисодий форумга келдим. Бу ерда ҳамма нарса ажойиб, айниқса, палов. Лекин мен ҳали инвестиция киритиш бўйича бир аниқ қарорга келмадим. Ҳали ҳам иккиланиб турибман. Сиз бу мамлакатда қандай ишлар олиб борилаётгани, келгуси беш йилликда нималар рўй бериши мумкинлиги ҳақида инвесторга нима дея оласиз? Айнан ҳозир Ўзбекистонга инвестиция киритиш вақти эканига қандай кафолатлар бера оласиз?», — деган журналист. Шу билан бирга ҳазил аралаш «Бундай саволдан кейин менинг Ўзбекистондаги форумга охирги марта келишим бўлса керак», — деб қўшимча қилди.
Мазкур саволга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг жавоб беришга уриниб кўрди.
«Авваламбор, келгуси беш йил давомида Ўзбекистон кўпроқ экологик мамлакатга айланишига умид қилиб қоламиз. Биз барча электростанцияларни алмаштирамиз.
Иккинчидан, давлатга тегишли фақат битта банк қолади. Балки баъзи улушлар сақланиб қолар», — деди Қўчқоров. Кейин эса гапни ҳазилга буриб юборди.
«Райан, биласизми, кейинги сафар форумга сизни таклиф қилмаймиз. (залда кулги кўтарилди). Мендан осонроқ савол сўрасангиз бўлмайдими? Қайси йили туғилганим, қайси университетни тугатганим ҳақида»
Райан: «Эсингизда бўлса, ўтган йилги форумда инвесторларга келгуси йил учун қандай кафолатлар бера оласиз, деб савол бергандим. Мана, бир йилдан сўнг мен яна шу ердаман».
Жамшид Қўчқоров: «Ўзбекистон ҳар бир йўналиш бўйича стратегия ишлаб чиққан. Ҳар бир йўналишда аниқ мақсад қўйилган. Масалан, биз иқтисодчимиз. Биринчи ўринда ЯИМ туради. ЯИМни 100 миллиард долларга етказиш. Умид қиламизки, бундай натижага эриша оламиз. Камбағалликни икки бараварга қисқартирамиз.Киши бошига ЯИМ 2800 доллардан тўғри келади.
Бизни мамлакатимизда одамларимиз жуда меҳнаткаш. Катта ҳажмдаги меҳнатни амалга оширишларидан хабарингиз бор. Киши бошига 2800 долларлик ЯИМ бу жуда яхши ўсиш бўлади. Кейин ЯИМни киши бошига 4000 долларга етказишга ҳаракат қиламиз. Бу жуда яхши натижа бўлади. Биз мана шундай стратегик йўналишлар бўйича ҳаракат қиламиз. Бунга ўз-ўзидан келингани йўқ. Барча таҳлилчилар, аналитикларнинг хулосалари, шу ерда ўтирган инсонларнинг фикрларини жамлаб, мана шундай йўналишни танлаганмиз. Ва ушбу йўналиш бўйича ҳаракат қилишни давом эттирамиз», — деди Жамшид Қўчқоров.
Албатта, Ўзбекистоннинг келгуси беш йилдаги режалари ва мақсадлари жуда кўп ва жуда катта. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров уларни ҳаммасини хорижлик журналистга санаб беролмади. Балки вазиримизнинг инглиз тилини билиш даражаси бунга халақит бергандир, балки, бундай саволга ҳали тайёр бўлмагандир.
Изоҳ (0)