Аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси терма жамоа футболчилари учун 35 дона тилла билан безатилган “айфон” сотиб олган.
Бу ҳақида телефонларни безаш билан шуғулланувчи Indesign Gold компанияси раҳбари Бенжамен Лион маълум қилди.
“Лео Месси учун 35 дона iPhone 14 телефонларини етказиб бериш фахр. У Жаҳон Чемпионатидаги ғалаба шарафига футболчилар ва мураббийлар штабига телефон буюртма қилганди”, — дейди Бенжамен Месси билан бирга тушган расмини илова қилиб.
Ҳар бир “айфон”нинг ортида футболчиларнинг исми ва Аргентина терма жамоасидаги рақами туширилган.
“Лионель — нафақат барча даврларнинг энг яхши футболчиси, балки Indesign Gold’нинг содиқ харидорларидан биридир. У мундиалдан бир неча ой ўтиб, биз билан боғланган эди.
Месси ғалабани нишонлаш учун футболчилар ва мураббийлар штабига махсус совға қилишни хоҳлашини, лекин одатий совғалар, масалан, соатлар беришни истамаётганини айтиб ўтганди. Мен эса рақамлар туширилган олтин “айфон”ларни таклиф қилдим. Бу ғоя Леога ёқди”, — дейди Лион The Sun нашрига берган интервьюсида.
The Sun нашрига кўра, Месси iPhone’лар учун 175 минг фунт (200 минг евро) атрофида пул сарфлаган.
Изоҳ (0)