6 июнь куни Ўзбекистон президентининг Италияга расмий ташрифи арафасида Рим шаҳрида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, икки давлатнинг етакчи ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Мазкур бизнес-форум якунлари, унда эришилган келишувлар юзасидан Италия ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлари ўз фикрларини билдириб ўтди.
Жумладан, “ИРГЕ” компанияси асосчиси Франческо Коротелла Ўзбекистон билан 2 йилдан буён ҳамкорликда ишлаётганини айтди.

“Ўзбек маҳсулотларидан кўнглимиз тўқ, сифати юқори. Ҳозирда биз ҳамкорликда Италия учун катта ҳажмдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ниятидамиз. Бу икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлади.
Ўзбекистонни танлаганимизга сабаб – пахта жуда сифатли. Standartларга жавоб берадиган маҳсулот яратиш учун айни муддао. Бугунги келишувлардан мақсадимиз – янги лойиҳалар орқали кўрсаткичларимизни янада яхшилаш”, — дейди тадбиркор.
“БМБ” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бизнес-форум доирасида умумий қиймати 295 миллион еврога эга лойиҳалар бўйича шартномалар имзолаганини таъкидлади.

“Шундан биттаси 200 миллион доллар маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва ундан энергия олиш масаласи бўйича бўлса, иккинчиси – Жиззах вилояти Бахмал туманига 40 миллион долларлик инвестисия киритилмоқда. Биз буни янада кенгайтирмоқчимиз. 2026 йилгача мамлкатамизда Заъфарон плантасияларини 2 минг гектарга етказиш ва инвестисия қийматини 80 миллион доллардан оширишни режалаштирганмиз. Шунингдек, 2023 йил учун 15 миллион евро қийматга эга 2 тонна заъфаронни Италияга экспорт қилиш бўйича шартнома имзоладик”, — дейди тадбиркор.
Италия савдо агентлиги директори Мартино Кастеллани икки томонни ўзаро боғлаётган ушбу дипломатик, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликдан жуда мамнунлигини айтди.

“Бугунги расмий учрашувдан сўнг бир қанча келишув ва ҳужжатлар имзоладик. Бу асосан таълим ва тижорат билан боғлиқ, шу билан бирга, технологияга оид битим ҳам туздик ва Тошкентда илғор-технологик маркази очишни режамизга киритдик. Бу эса, ўз навбатида, Италия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўйилган қадамлардан бири ҳисобланади. Товар айирбошлашдаги кўрсаткич 2016 йилда 176 миллион еврони ташкил қилган бўлса, ҳозирга келиб 420 миллион еврога етди. Умид қиламизки, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгаяди”, — дейди у.
Изоҳ (0)