• Профилга Кириш
  • 4992fdfd-8954-4c05-b6e3-f510f81a73b5.svg f28f9d5b-7461-4f14-8ebe-571256959e43.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12857.35
    • RUB163.45
    • EUR14672.81
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +32°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Маҳаллий (Ўзб)
      • Об-хаво
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Бошқалар
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
        • Қорақалпоғистон
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Саёҳат

    «Мушкулим осон бўлсин, дея муқаддас масканларда ширк амалларни бажаришдан уялмайдиганлар, афсуски, кўп». Амир Темур фармони билан бунёд этилган, вақт ўтиб, қадамжога айланган «Зангиота» зиёратгоҳига саёҳат

    Ҳаёт мисоли китоб, бир саҳифани такрор ва такрор ўқимаслик учун варақлаш керак. Саёҳат ҳам шунга ўхшайди – бир хил умр кечирмаслик учун тез-тез сафарга отланиш шарт. Бунда инсон ўзини кашф этади, нега яшаётганини англайди, мабодо табаррук қадамжолар зиёрати бўлса, унда кеча, бугун ва эртаси ҳақида ўйлаб, қалби таскин топади. Муқаддас моҳи Рамазон арафасида Тошкент вилоятидаги машҳур «Зангиота» зиёратгоҳига қилинган саёҳат эса мана шу ҳақиқатларни такрор тушунишга, ўтаётган умрни яна бир карра хомчўтлашга ёрдам берди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Сайёҳ бўлиб бир кун

    Ҳафта давомида иш ва ўқишдан ортмаган одам тузукроқ дам олгиси, кейинги ҳафтани шиддат-ла, кучга тўлиб бошлагиси келади. Саёҳат (ҳатто кичик бўлган тақдирда ҳам) нохуш кайфият ва чарчоқлардан қутулишга, эстетик завқ, маънан ҳордиқ олишга энг боп усул. Ҳарҳолда мен учун шундай. Шу ниятда метрога тушиб, «Чилонзор» бекатидан чиқдим. Ҳамкасбимнинг айтишича, мен бормоқчи бўлган масканга арзон (2500 сўм) ва осон етиб олиш учун метро олдидаги «маршрутка»лар энг қулайи экан. Ҳали беш дақиқа кутмасимдан етиб келган ушбу транспорт воситасига йўловчилар шоша-пиша чиқаркан, тезлашмасам, жой қолмаслигини англаб, ўзимга ярашмаган чаққонлик билан уларга қўшилиб олдим. Ёлғиз сафарга чиқиш — ортиқча сўзлардан тин олиб, яхши бир ҳикояни чексиз тинглаш ёки кузатиш имконини берувчи инъом. Йўл бироз узоқ.

    Улов одам билан лиқ тўла. Кўзлари қандайдир қийинчиликларни кўраверганидан киртайган, кафтлари оғир меҳнатдан дағаллашса-да, аёллигини бой беришни истамай, эгнига духобадан кўйлак кийиб, лабларига қирмизи бўёқ сурган, тиззасидаги ўғилчасини қучоқлаб олган ўрта ёшлардаги жувон ёнида сақичини чапиллатиб чайнаётган қизга онда-сонда ўқрайиб қараб қўярди. Қаршимдаги амаки эса ёнидаги йўловчининг Россия ва Украина ҳақидаги узуқ-юлуқ мулоҳазаларига унча рўйхушлик бермай, «Нима бўлганда ҳам, уруш ёмон, номи ўчсин» деб қўя қоларди.

    Бир-бирига ўхшамаган одамларнинг ўзини тутиши, гап-сўзини кузатганча ярим соат ўтиб кетгани-ю, пойтахтдан тахминан 15 километр узоқда жойлашган «Зангиота» зиёратгоҳига аллақачон етиб келганимизни сезмай қолдим.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева
    Зиёратчиларнинг келиб-кетишини осонлаштириш мақсадида мажмуа яқинида автобус бекати жойлашган. Кираверишда ўтирган холанинг айтишича, бу ерга олдинлари тез-тез келадиганлар пандемия, карантиндан кейин камнамо бўлиб қолган, ҳозир эса асосан Ҳаж сафаридан аввал келадиганлар кўпроқ эмиш.

    Парвардигор назари тушган инсон

    Фото: «Мй Tashkent.uz»

    Фото: «Мй Tashkent.uz»

    Амир Темурнинг шахсан ўзи ушбу зотга атаб бино бунёд этишига нима сабаб бўлган? Тарихи, миллатининг ўтмишига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишига жавоб тариқасида зиёратгоҳ ҳудудида маълумотлар ёзиб қўйилган. Лекин нимагадир уни ўқиётган ташрифчига кўзим тушмади. Демак, мендан бошқа атрофимдаги ҳамма бу ҳақида аллақачон билади ёки аксинча, шунчаки қизиқ эмас…

    Фото: «Мй Tashkent.uz»

    Фото: «Мй Tashkent.uz»

    Турк-ислом оламидаги мутафаккир, мутасаввиф донишмандларидан бири, Яссавия тариқатининг давомчиси Ойхўжа ибн Тож Хўжа XII аср охирларида Тошкентнинг Самарқанд дарвоза атрофидаги маҳаллада туғилиб, вояга етган. Насли араблардан, қорачадан келгани учун занги (занжи), ҳимматли экани сабаб эса Зангибобо, Ҳимматий деган ном олиб, эл орасида машҳур бўлгани манбаларда қайд этилган.

    Фото: «Мй Tashkent.uz»

    Фото: «Мй Tashkent.uz»

    Зангиотанинг туғилган йили ҳақида тахминлар кўп. Бу ҳақида зиёратгоҳ раҳбари Абдулла Холиқов шундай дейди: «Аслида Зангиотанинг ўлган йили аниқ — 1258 йил, аммо туғилган йили мавҳум. Тарихга чуқур эътибор бермаслик бизга совет давридан мерос. Манбаларни ўрганиб, у кишининг ўлган йили ва бошқа тахминларни жамлаб, жуда аниқ бўлмаса ҳам, ҳақиқатга яқинроғини олиб, 1168 йилда туғилган деган маълумотда тўхтадик ва буклетга шуни киритдик».

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Аммо яна бир жиҳати борки, деворга илинган плакатдаги Зангиотанинг туғилган жойи ҳақидаги маълумот, сайёҳ ва маҳаллий аҳоли учун ўзбек, рус ва инглиз тилида зиёратгоҳ мутасаддилари томонидан ишлаб чиқилган буклетдагидан фарқ қилади. Яъни унда Зангиота Тошкент билан Эски Қовунчи оралиғидаги Зангиота қишлоғида дунёга келган деб қайд қилинган. Бошқа бир манбаларда ҳам шундай маълумотни учратиш мумкин.

    Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Тошкент Ислом институти Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Обид Тангировдан Зангиотанинг туғилиши билан боғлиқ қайси маълумот асосли экани ҳақида сўраганимизда, мутахассис унинг Тошкент ҳудудидаги Самарқанд дарвоза ва Ўқчи маҳаллалари атрофида дунёга келгани ҳақиқатга яқинроқлиги, қабри Зангиотада жойлашгани сабаб эса туғилиши билан боғлиқ қарашлар ўзгарган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

    Буни у ўша вақтда одамлар қишлоқ ва шаҳарда яшагани, хусусан, Зангиота ўтроқ ҳаёт кечиргани билан тушунтиришга уринди. Шунингдек, у вақтларда Самарқанд дарвоза ва Ўқчи маҳаллалари атрофида аҳоли яшагани, Тошкент шаҳрида Минг Ўрик қулаб, Бинкат марказ бўлганидан кейин ўша ҳудудлар маҳаллаларга айлангани, Зангиотанинг қабри жойлашган ҳудуд эса далали жойлар бўлгани билан асослади.

    Маълум бўлишича, Ойхўжа 25 ёшида Хоразмдан олиб келган Анбар онага уйлангач, Зангиота қишлоғига жойлашиб, шу ерда муқим яшай бошлайди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Абдулазиз Муҳаммадкаримовнинг «Тошкентнома» китобида Зангиотанинг ҳаёти XIII асрнинг 20 йилларида мўғул истилочилари Мовароуннаҳрнинг энг йирик шаҳар ва қишлоқларини култепага айлантириб, оддий меҳнаткаш халқни қуллик исканжасига солган даврга тўғри келгани, шундай вазиятда Зангиота ва унинг шогирдлари халқнинг маданий мероси, Ислом динини босқиндан сақлаб қолиш учун савобли ишларни амалга оширгани ҳақида ёзилган.

    Тарихшунос Обид Тангиров Зангиотанинг илм олиш ва бўлишишни канда қилмаслик билан бирга подачилик билан шуғуллангани, ҳозир оддий касбдек туюлгани билан, ўша вақтда аҳоли молларини ҳаммага ҳам ишониб топширмагани, ўз навбатида, бундай масъулиятни бўйнига олишга ҳар ким ҳам журъат қилмаганини айтади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Зангиота 1258 йилда вафот этган. Зангиота ва Анбар биби мақбарасининг қурилиш ишлари XIV асрнинг 90 йилларида Амир Темурнинг фармони билан бошланади.

    Тарихшунос Тошкентда авлиё зотларга бўлган ҳурмат юқори бўлгани учун XVIII асрга қадар мавжуд тўртала даҳа номи ўша ерлик авлиё зотлар номи билан, хусусан, Бешёғоч Зангиота даҳаси деб аталганини келтиради.

    Туш сабаб бўлиб қурилган қадамжо

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Неча авлод вакиллари билан юзлашган қадамжо тарихи билан боғлиқ турли ривоятлар мавжуд. Уларнинг кўпида биз билган ва билмаган ҳақиқатлар яширин. Тарихий масканлар асрдан асрга ўтиб келаркан, улар ҳақидаги афсона ва ривоятлар ҳам оғиздан оғизга ўтаверади.

    Меъмор, рассом Шавкат Музаффарнинг таъкидлашича, ривоятлардан бирида Амир Темур дастлаб Аҳмад Яссавийга атаб мақбара қуришга аҳд қилади, аммо нима учундир иш ҳадеганда юришмайди. Сабабини билмай юрган кунлари ғаройиб туш кўради. Унда нуроний бир зот Яссавийга мақбара қуришдан олдин Зангиотанинг қабрини обод қилиши кераклигини айтади.

    «Тошкентнома»да келтирилган маълумотлар ҳам ривоятнинг бежизга эмаслигини тасдиқлайди. Унда Зангиота туғилгач, уни кўтариб келиб Хожа Аҳмад Яссавийга кўрсатишгани ва ундан суюнчи сўрашганида, суюнчига «мендан олдин шу гўдакка мақбара қурилсин. Сизлар мени ҳурмат қилиб келибсизлар, бу гўдак мендан ҳам улуғ бўлсин» дейилган.

    Шу боис Амир Темур Аҳмад Яссавийдан аввал Зангиота руҳини шод этиш ниятида мақбара тиклашга киришади. Бобоси бошлаган ушбу хайрли ишни набираси давом эттиради — Мирзо Улуғбек 1420 йилда мақбаранинг олд қисмига нақшинкор пештоқ қурдиради.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Тарихчи азалдан Ўрта Осиё, Дашти Қипчоқ, Афғонистондан мусофирлар ташриф буюрганини маълум қилган ушбу мажмуага айни вақтда ҳам турфа инсонлар: ҳассасига суянган қариядан тортиб, қийқириб юрган болагача келиб-кетади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Дарвозадан ичкарига киргач, чап биқинда жойлашган эшикдан турли эсдалик совғалар, китоб ва миллий буюмлар сотиладиган дўконларга чиқса бўлади. Рўмол ўраш ё олишни унутган хотин-қизлар ўша ердан шарф ёки рўмол сотиб олиб, кейин ичкарига киради.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Дўконга чиқаверишдаги эшик тагида турган амаки қадамимиз ўша томонга илдамлаганини кўриб: «Бахтингни берсин, Ҳасан-Ҳусанлар насиб қилсин, Аллоҳнинг йўлида ожизларга ҳам атаб кетинг, қизим», деб дуо қилишга тушиб кетди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, бирдан ўзгариб: «Икки дунёинг обод, биринг икки бўлмасин», — деб бисотидаги жамики қарғишларини тўкиб солди.

    Тавба, ғалати одамлар бор-а! На кулишни, на йиғлашни биласан. Руҳ бузилса, уни даволаб бўлмаслигини эшитганди-му, амалда энди кўришим. Пулни деб кимгадир тил учида бахт ёки аксинча, биринчи марта кўраётган одамингга уялмай-нетмай ёмонлик тилаш ҳам мумкин экан.

    Асрлар давомида турфа тарих-у, одамларга гувоҳ бўлган мақбара

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Катта боғ, бинолар мажмуаси — масжид, мадраса, минора, шунингдек, Анбар биби мақбарасини ҳам ўз ичига оладиган ансамбл ҳудуди чиннидек тоза ва файзли.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Неча асрлик жой деб аталишига айнан у сабабчи эканига қарамай, ҳовлининг жанубида жойлашган Зангиота мақбараси, тарих синоатларини кўз-кўз қилишни истамагандек, камтарона қад ростлаб туради. Қаҳ-қаҳ отиб куладиган, баланд овозда гаплашаётганлар унга яқинлашгач, овозини пасайтирар, жувонлар эса бошларидаги рўмол-шарфнинг бир учи билан кўйлагининг олди очиқ қисмини ёпмай туриб ичкарига киришга жазм қила олмайди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Сир қолдиқлари сақланиб қолган пештоқли айвон, ёнма-ён қурилган зиёратхона билан гўрхонадан иборат мақбарадаги домланинг овози ҳовлига узун-юлуқ эшитилар, ичкарида жой қолмаганини билган зиёратчилар эса уларнинг чиқишини сабр билан кутиб турарди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Зиёратхонанинг пастки гумбази девор, бурчаклардаги йирик ва майда равоқларга таянгани, ташқи гумбаз эса ички гумбаз устида баланд айлана деворга бириктирилганини соатлаб томоша қилса бўлади. Қуръон оятларини эшитиб кўнгил ҳузурни туйса, зарҳал гумбазнинг пастки безакларига тикилиб, кўзлар яйрайди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Мақбарага бурчакларида гулдаста миноралари бўлган портал-гумбаз конструкциялари кўринишидаги дарвозахона орқали кирилади. Ичкарига кирган зиёратчи айлана қилиб қўйиб чиқилган ўриндиққа, айримлар эса чўккалаганча ерга жойлашади. Домла тиловат қилишни бошлайди, кимлардир пичирлаганча жўр бўлади. Домла тугатганидан кейин эса ҳамма биргаликда юзига фотиҳа тортади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Кираверишдаги зиёрат одоблари билан боғлиқ эслатмада ичкарига кириб ўтиргач, оятлардан тиловат қилиш кераклиги, ниятлар ва ҳожат бароридан келишини қабр аҳли эмас, фақат Аллоҳдан сўраш таъкидлангани, мақбара ва қабр тошларини ўпиш, шам ёқиш, қабрга қараб сажда қилиш ширк амаллардан эканига урғу берилганига қарамай, ўз билганидан қолмайдиган ташриф буюрувчилар борлиги ҳам кўзга ташланиб, дилни хира қилади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Ажойиб меъморчилик намунасига термулиб, мақбара қурилганидан буён кўриниши қанчалик ўзгарди экан, деган савол хаёлдан ўтади. Бунга тарихчи: «Ўз вақтида таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳисобига ҳам мақбара бугунги кунгача етиб келган», деб жавоб бериб, ўзгаришлар бўлиши табиий эканига имо қилади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Мақбарада келиб чиқиши бундан бир неча минг йил аввал Миср, Бобил ва қадимги Шарққа бориб тақаладиган майолика, яъни сирланган кошинлар борлиги диққатни тортади. Ўрта асрларда ушбу техникадан Ўрта ва Марказий Осиё мамлакатлари усталари ҳам фойдаланган. Италияга эса Мальорка оролидан кириб келиб, XIV ва XVII асрларда кенг тарқалган. Машҳур ҳайкалтарош Лука делла Роббиа ва унинг жияни Андреа майолика механикасини бўртма ҳайкалтарошлик (релиеф)да ишлата бошлаган.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Ушбу мақбарада эса майоликанинг ажойиб ранглар уйғунлиги — мовий, кўк, зангори кўзни қувнатади, унда ислимий ва геометрик нақшлар ҳам бор. Рассомнинг тушунтиришича, Марказий Осиё меъморчилигида кошинлар асосан Амир Темур даврида ишлатилган. Шавкат Музаффар мақбарага қўшимча меъморий элементлар XVII—ХХ асрларда қурилганини айтади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева
    Уларни томоша қиларканман, фақат бир ўй тинчлик бермайди: келаси авлодларга бизгача етиб келган қадамжони бус-бутун, тарихини эса борича етказайлик ишқилиб...

    Келган борки, руҳи енгиллашади

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Қўлида тасбеҳ ушлаб, атрофни кузатиб ўтирган, рўмолидан оқ сочлари мўралаб турган янгийўллик Муқаддам ая Зангиотага Худонинг назари тушган одам, деб таъриф беради. «Ўлимидан кейин унутилиб кетаётганлар қанча. Шунчалик азиз инсон эканки, узоқ-узоқлардан одамлар келиб, зиёрат қилади, болам. Мен ҳам ҳар сафар келганимда қалбим таскин топиб, анча енгиллашаман. Иккита транспортга чиқишим, кўпроқ йўлкира сарфлашимга тўғри келсаям, эринмай келавераман», — дейди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Тебранма ўриндиқда ўтириб, қувлашмачоқ ўйнаётган фарзандларини кузатаётган, шу яқин маҳаллада яшайдиган Жамила келинойи эса зиёратгоҳга чиқиб, дам олишини айтади: «Кундалик юмушлар билан ўралашиб, бемалол нафас олишга вақт топилмайди. Болаларни домлага дам солдиргани олиб келиб, ўзим сал тин оламан».

    Шу пайт пешин намози вақти кириб, азон овози қулоққа чалинди. Уни эшитиб, ҳовлида юрган ҳамма, ҳатто бир-бирини қувлаб юрган Жамила опанинг болалари ҳам чўккалаб ўтириб, катталардек сукут сақлай бошлади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Ҳовлида баландлиги 31 метрга етадиган минорадан таралаётган намозга чақирув бутун зиёратгоҳни қоплаб олган. Аввал ҳам минора бўлган, аммо буниси бошқа — янги қурилган.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Обид Тангировнинг сўзларига кўра, 1866 йил Тошкентда жуда кучли зилзила бўлган. 1887—1888 йиллари таъмирталаб ҳолга келган Зангиотанинг қабри жойлашган гўрхона қайта таъмирланган. ХХ аср, яъни 1914—1915 йиллар атрофида қурилган эски минора эса 2013—2015 йиллардаги қайта таъмирлаш ишлари вақтида олиб ташланиб, ўрнига масжид олдида 31 метр баландликдаги ҳозирги — янги минора қурилган.

    Охири кўринмаётган зиёратчиларни кузатиб, дам олиш куни бўлгани учун одам гавжумми ёки доим шундайми, деб сўрасам, кадрлар бўйича мутахассис Ҳикматилло Мирсобиров: «Шанба-якшанба кунлари беш-олти минг, ҳафта кунлари минг-икки минг зиёратчи келади», дея жавоб берди.

    «Йилига 100, 120 нафар хорижлик сайёҳ асосан Туркия, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистондан келиб туради. Аммо уларнинг сони пандемиядан кейин анча камайган», — дея кираверишдаги холанинг гапини тасдиқлайди ходим.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Мадраса ва масжид мақбаранинг икки тарафида жойлашган. Ҳовлидан туриб қараганда мажмуадаги дарвозахонанинг ортида зангори гумбазли, иккита пасткам минора борлиги шундоқ кўриниб туради. XVII асрда қурилгани айтиладиган, бир қаватли ҳужра, 2 та дарвозахонадан иборат мадраса ўз вақтида талабалар учун зиё маскани бўлиб хизмат қилган. Унинг ёғочдан ўймакор нақшлар билан ишланган эшиклари шарқона эртакларда тасвирланган ва эски фильмлардаги саҳналарни эсга соларди.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева
    Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори 1870 йилда пишиқ ғиштдан масжид қурдирилганини қўшимча қилади. Намозгоҳ масжидининг пешайвонини қўқонлик Ҳожи Муҳаммад безаган. Устунли, деворлари гириҳ ва ёзувлар билан безатилган пешайвонли масжидда аёл ва эркаклар алоҳида хоналарга кириб намоз ўқийди. Аёллар намозхонасида чамаси 4-5 ёшлардаги қизалоқ онасига тақлид қилиши — ўтирганда ўтириб, турганида сакраб туриб олиши ташқаридан кўриниб турарди.

    Гап кор қилмас зиёратчилар

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Нақшларни томоша қилиб бўлгач, шимоли шарқдаги яна бир бошқа кичик дарвозадан Анбар биби мақбараси ва қабристон томонга юриб чиқилади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Унгача бўлган ҳудудда жойлашган ҳовузнинг шундоққина олдига тахтача қўйилган бўлиб, унда ҳовузга танга ташлаш мумкин эмаслиги ёзиб қўйилган. Шунга қарамай, ҳовуз ичидаги тангаларни кўриб, айримларнинг гапга тушунмаслиги-ю тартиб ва қоидаларни қанчалик менсимасликларини пайқаш мумкин.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Мажмуанинг жануби-ғарбида жойлашган Анбар она мақбараси ҳам Амир Темур даври меъморчилик анъанасининг ёрқин намунасидир. Унга ҳовуз олдидан ўтиб борилади. Маълумотларга кўра, бино вақт ўтиши билан асл ҳолатини йўқотган, кейинги таъмирлашлар сабаб анча эпақага келган. ХХ асрга яқин Мирзо Рустам исмли шахс ўз ҳисобидан мақбарани таъмирлаган.

    Ўз даврининг билимли аёлларидан бўлган, хотин-қизларга Ислом динидан таълим бериш билан бирга доялик ҳам қилган Анбар биби Қорахонийлар давлати ҳукмдори Иброҳим Бўғрохоннинг қизи бўлган.

    «Зинапоядаги иккита призматик тошдан иборат қабр тошида Зангиота мақбараси гумбазидан олинган майолика парчалари тасвирланган. Биринчи қабр тоши Анбар бибига, иккинчиси Аҳмад Яссавий издоши Ҳаким отанинг онаси Улуғ Подшога тегишли эди», — дейди Шавкат Музаффар.

    Мақбара пештоқ, зиёратхона ва гўрхонадан иборат. Зиёратхона ва гўрхонанинг усти қўшқават гумбазли, қуббали тошдан, кичик доира шаклида ясалган. Мақбарага оқ мармардан қабртош қўйилган. Атрофига арабий хат ва нафис нақшлар ўйилган. Мақбара дастлаб икки хонали бўлган, кейинчалик унинг олдига пештоқ қурилиб, кошинлар билан безатилган. Пештоқ таянчи унча баланд эмас.

    Худди Зангиота мақбарасида бўлганидек, Анбар она мақбарасининг ёнига келган ташриф буюрувчилар ҳам ўриндиқларга ўтириб тиловат қилади. Фақат ўриндиқлар мақбаранинг рўпарасида — ташқарида жойлашган бўлиб, усти ёғин-сочиндан ҳимоя тариқасида ёпиб қўйилган.

    Домлалардан бири ўтирганларга мажмуа тарихи ҳақида қисқача маълумот бериш билан бирга, қилиниши керак ва ножоиз амаллар ҳақида ҳам маълумот беради.

    Гап орасида домла аксарият кишиларнинг «Фарзандим йўқ, бахтим очилмаяпти», деб кўпинча ширк амалларни бажаришига алоҳида урғу беради. Йиғилганлар унинг гапларини маъқуллаб, бошини қимирлатганча тасдиқлаганига қарамай, тургандан кейин дугонасига мақбара атрофида гир айланиб, ниятни айтавериш керак, деган қиз эътиборимни тортди. Шунда яна бир бор тушундимки: ёзган, қулоққа қуйган билан одамнинг ўзида бўлмаса, ҳаммаси бефойда экан.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Ички дарвозадан чиқаверишдаги чап тарафдаги бинога чойхона деб ёзиб қўйилган. Айрим манбаларда зиёратгоҳ ҳудудида аввал ҳалимхона бўлгани, тайёрланган таомлар ташриф буюрувчиларга тарқатилгани ҳақида маълумот бор. Таъкидланганидек, олдинлари ҳам мазкур жойга узоқ-узоқлардан зиёратчилар келган. Уларга қўли очиқ, сахий инсонлар тайёрлаган таомларидан тарқатиб, эҳсон дастурхонлари ёзгани ҳақиқатга яқин, дейди Обид Тангирев. Қолаверса, Муҳаммад Солиҳ Хўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида XIX асрнинг охирида пишиқчилик вақтида қовун сайллари ҳам бўлгани қайд этилган.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Бугун ҳам ушбу одат қайсидир маънода сақланиб қолган. Мажмуага яқин ердаги меҳмонхонага жойлашган хоразмлик Фароғат опа зиёратчилар хоҳишига қараб, Аллоҳ йўлида қўй сўйдириши, этини хайр-эҳсон қилиб, қолган маълум қисмини пиширтириб, шу ерда оилавий тамадди қилишлари мумкинлигини айтади.

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева
    Оддий бўлмаган жойда оддий инсонлар билан суҳбат, тарих ва ўзлигимиз билан боғлиқ маълумот, ҳавас қилгулик кишилар-у, тартиб-қоида нима эканини ҳали яхшироқ билмайдиган болалар, қилиниши зарур ва ножоиз ишлар, ўрганилиши кераку, воз кечиш муҳим саналган амаллар ҳақида фикрлаш имконини берди. Ҳозирда 43 нафар ходим ишлайдиган, барча шароит ва қулайликка эга масканга бунинг учун миннатдорлик билдирган ҳолда ортга қайтдим.

    «Ҳеч нима тафаккурни саёҳатчалик бойитмайди»

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

    Аслида ҳамма нарса биргина қарордан бошланади. Кунларнинг оддий ўтмаслиги, имконият ва шароитдан келиб чиқиб ҳаётни ўзгартиришга қилинган қарордан. Ушбу қарор билан ҳаётни ранг-барангроқ қилиш ҳам унинг ортидан тарих, қадриятларни, тартибни ўрганиш ёки аксинча ўрганмаслик мумкин. Ўзини ва ҳаётини ўзгартирмаслик учун эса шунчаки ҳеч нима қилмаслик ёки масъулиятсизликнинг ўзи кифоя. Билимсизлик, ривожланишни истамаслик, ҳаётни мазмунли ўтказмасдан ва ширк амаллар ортидан қувиш эса зулматга етаклайди.

    Жамила опанинг фарзандлари ва умуман ўсаётган авлод атрофдагилардан азон айтганда ўтиришни, ҳамма дуога қўл очганда қўшилишни ё бўлмаса, ҳовузга танга ташлаб, шам ёқишни, бировларнинг меҳнатини писанд қилмасликни ўрганиши ёки ўрганмаслиги биз катталарга боғлиқ.

    Француз ёзувчиси Эмиль Золя айтганидек: «Ҳеч нима тафаккурни саёҳат қилишчалик бойитмайди». Шундай экан, «Дарё»нинг ўлкамиз бўйлаб кичик сафарларини кузатиб боринг.

    Мавзуга доир: Сайёҳларга city’лардан кўра қизиқроқ, тарихда маёқ вазифасини бажарган беш асрлик мадраса — Кўкалдошга саёҳат

    29.03.2022, 09:05   Изоҳ (0)   71727
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    Узбекинвест компанияси 2023 йилда электрон полисларни жорий этиш бўйича етакчиликни сақлаб қолди


    Болаларнинг неврологик касалликларини тўғри даволаш йўлларини излаш


    Тошкентда яна бир йирик лойиҳа – Шошкент турар жой мажмуасининг сотув офиси ўз фаолиятини бошлади


    Жиззах шаҳрида Jizzakh АDМ ҳудудида Кореянинг DМC компанияси билан ҳамкорликда янги мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган вақт капсуласини жойлаш маросими бўлиб ўтди


    Тошкентда Lenovo Store бренд дўконининг очилиши бўлиб ўтди


     Эндиликда Payme орқали давлат намунасидаги маълумотномаларни олиш мумкин


    Shivaki Фриго Cоол — маҳсулотларингизнинг кафолатли сақланиши!


    Kiaънинг расмий дистрибютори бўлган Roodell компанияси — Kia Селтос Kia соҳибларини Kia Го шиори остида ўтказиладиган спорт-кўнгилочар тадбирда иштирок этишлари учун чорлади!


     Mobiuz компанияси “Хотиржам” тариф режаларини тақдим этди


    “Payme фойдаланувчиларининг ҳаётий ҳикоялари асосида”: Далер синглисига картадаги пулни ўғирликдан сақлашга қандай ёрдам берди


    Тошкентдаги Central Park’да Huggies болалар брендининг она ва бола хонаси очилди


    “Агробанк” томонидан “Сувчилар мактаби” лойиҳаси йўлга қўйилди


    Korzinka’дан BYD Song Plus: кенг кўламли акцияда қатнашинг, электромобиль миниб кетинг


     Асакабанк “Mastercard билан Венецияга” акциясини бошлади


    Мукофот жамғармаси 1 млн долларлик President Tech Award танловига аризалар қабули давом этмоқда

     

    Тавсия этамиз

    Музлаткич ичида жон сақлаган бола, Apple’нинг янги маҳсулотлари, судга чақирилган шаҳзода — 6 июнь суратлари

    06.06.2023, 22:25

    Ўқувчиларга берилаётган паспорт, Тошкентда пайдо бўлган овозкучайтиргичли автоуловлар, ўта хавфли жиноятчини қўлга олиш жараёни — Тошкент шаҳар ИИББ архивидан фото...

    06.06.2023, 16:27

    “Морг”га айлантирилган мактаб, чопон кийиб олган Рафет Эл Роман, метро зинасида ухлаётганлар — 5 июнь суратлари

    05.06.2023, 22:45

    “Барчамиз учун жиддий сигнал бўлди” — қашқадарёлик етти блогер ўз фаолиятини тугатди

    05.06.2023, 17:00
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    “Олтин йигитча” Оскар де ла Ҳоя иштирокидаги энг яхши 5 та жанг 

    Спорт | 14.09.2023, 17:42

    Тўқимачилик фабрикалари, қуллар савдоси ва елканли кемалар. “Манчестер Сити” ва “Манчестер Юнайтед” клублари логотипидаги кема рамзининг тарихи

    Спорт | 02.07.2023, 22:51

    “Мутлақо ўхшамайди”: поп қироли Майкл Жексоннинг 26 ёшли ўғли қандай кўринишга эга ва ҳозир нималар билан банд? (фото)

    Шоу-бизнес | 19.06.2023, 19:30

    Қондош дублёрлар:Фильмларда ўз эгизаги билан иштирок этувчи турк актёрлари (фото)

    Шоу-бизнес | 18.06.2023, 12:40

    Шаффоф пошнали пойабзал , шўнғишга мўлжалланган костюм: Майкл Жексон, Брандо ва бошқа машҳурлар ихтиро қилган буюмлар (фото)

    Шоу-бизнес | 14.06.2023, 19:40

    Фильмнинг 1 қисми учун юқори гонорар, шахсий автоуй: Турк актёрларининг ақл бовар қилмайдиган талаблари

    Шоу-бизнес | 12.06.2023, 13:37

    “Манчестер Сити” ёки “Интер” ҳужумчиси тарихда қолади. Бир мавсумда ҳам ЕЧЛ, ҳам ЖЧ кубогини қўлга киритган тўққиз футболчи ҳақида

    Спорт | 10.06.2023, 17:40

    Ширинликларга қарамликдан келиб чиқувчи 4 та хавотирли аломатлар

    Саломатлик | 09.06.2023, 19:30

    Том Хенкс ўзи иштирокидаги баъзи фильмларни ёмон кўриши ҳақида сўзлаб берди

    Шоу-бизнес | 09.06.2023, 10:29

    Кўз олдида онаси отасини отиб ташлаган: фожиали воқеаларни бошдан кечирган машҳур аёллар (фото)

    Шоу-бизнес | 08.06.2023, 18:48
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.